Наманганда салкам 12,5 млрд сўмга 22 та лойиҳа амалга оширилади

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Поп туманидаги ўрганишлар доирасида «Миришкор» ва «Исковот» кичик саноат зоналарида амалга оширилиши кутилаётган лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, Водий массивидан 4 гектар ер майдони ажратилган «Миришкор» зонасида умумий лойиҳа қиймати 12 миллиард 445 миллион сўм бўлган 22 та лойиҳани бошлаш назарда тутилган. Шундан тадбиркорларнинг ўз улуши 7 миллиард 995 миллион сўмни ташкил этади. Банк кредити эса 4 миллиард 450 миллион сўмдан иборат. Лойиҳаларнинг амалга татбиқ этилиши натижасида 254 та иш ўрни яратилади.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, Дўстлик массивидан «Исковот» зонасига 3 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, умумий қиймати 11 миллиард 705 миллион сўмлик истиқболли 13 та лойиҳа ижроси режалаштирилган, 6 миллиард 520 миллион сўми ишбилармонларнинг ўз ҳисобидан, 5 миллиард 185 миллион сўм эса банк кредитидан иборат. Мазкур лойиҳаларнинг ишга тушиши эвазига 216 кишининг бандлиги таъминланади.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

«Вилоят раҳбари 2- ва 3-сектор ҳудудидаги лойиҳаларнинг кўлами, самарадорлиги, маҳсулот тайёрлашда нафақат ички бозор, шу билан бирга, экспортга йўналтирилганлиги, замонга ва саноат зонаси ҳудудига хос ва мослиги, аниқ ва пухталиги, занжирдек узвийлигини кўриб чиқиб, ишлар ижроси устидан тизимли назорат ўрнатиш, тадбиркорларга жой ва кредитни ҳал қилиш, амалий қўллаб -қувватлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Мингбулоқда эҳтиёжманд оилаларнинг ҳар бир аъзосига 220 минг сўмдан берилгани маълум қилинган эди. Кейинчалик Наманганлик фуқаронинг 2 сотих ерига иссиқхона қуриб берилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар