Андижонда ўғлини иккинчи марта ҳақоратлаган отага 1 млн сўмдан ортиқ жарима белгиланди

Андижон вилоятида ўғлини иккинчи марта ҳақоратлаган отага 1 миллион 115 минг сўм жарима белгиланди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, Андижон вилоятида яшовчи 64 ёшли Ў.Б. 2019 йил 19 сентябрь куни ўғлини ҳақорат қилган ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра жарима тўлаган. Кейинчалик ота 2020 йил 11 июль куни соат 08:40 атрофида қўшни бўлиб яшайдиган ўғли Д.Б.ни иккинчи марта ҳақорат қилган.

Қайд этилишича, ота унга тегишли бўлган бодомларни тераётган ўғлини кўриб жаҳли чиққан ва уятсиз сўзлар билан ҳақоратлаган. Бундан ташқари, тошлардан олиб ўғлига тегишли «Nexia-2» машинасига отган.

Таъкидланишича, суд судланувчи Ў.Б.ни ўғлини қасддан таҳқирлагани, ҳақорат қилгани учун Жиноят кодексининг 140-моддасининг (ҳақорат қилиш) 1-қисмига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима жазоси тайинлаган.

Бундан аввал Қўрғонтепада машинаси хатланган ота фарзандларига 30 миллион сўм ва Булоқбошида ота хорижга чиқиш учун 8 минг доллар алимент пулини олдиндан тўлаб бергани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Олтинкўлда ота фарзанди учун салкам 3 минг доллар ҳамда Қўрғонтепада ота фарзанди учун олдиндан 15 миллион сўм алимент тўлагани маълум қилинганди.

Янгиликлар