Ўзбекистонда аҳоли рўйхатга олиш 2026 йилга режалаштирилмоқда

Статистика агентлиги «Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисида»ги президент фармони лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Лойиҳа билан, аҳолини рўйхатга олишни 2026 йилнинг 15 июлидан 21 августигача ўтказиш таклиф этилмоқда.

Бунинг учун бош вазир раислигида республика комиссияси, шунингдек, ҳудудий раҳбарлар раислигида ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.

Аҳолини рўйхатга олиш планшет қурилмалари ёрдамида ўтказилади. Бунинг учун зарур техник ва дастурий воситалар 2024–2026 йилларда Жаҳон банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан харид қилинади.

Аҳолини рўйхатга олишда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун ва шу соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилиши, респондентлардан олинган маълумотларнинг сир сақланиши таъминланади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Маҳаллалар уюшмаси ва Кадастр агентлиги 2025 йил 1 июлгача аҳоли пунктлари ва кўчалар ном белгиларини ўрнатиш, хонадон ва уйларни тўлиқ рақамлаш ишларини якунига етказиши керак.

Олий Мажлис палаталарига 2025 йил 1 сентябрдан 2026 йил 1 сентябрга қадар республика бўйлаб маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини ўзгартириш, топономик обектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш ишларини вақтинча тўхтатиб туриш тавсия этилиши мумкин.

Жамият