Сенат давлат сирларини ҳимоя қилиш бўйича қонунни маъқуллади
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 23-октабр куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда «Давлат сирларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни маъқуллади.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров амалдаги қонун 1993 йилда қабул қилингани боис «бу соҳадаги муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурати» борлигини таъкидлади.
Унга кўра, қонуннинг амалдаги таҳририда давлат сирларини ҳимоя қилиш соҳасидаги органларнинг ваколатлари, махфийлик даражаси, маълумотларни махфийлаштириш ва давлат сирларидан фойдаланишга рухсат бериш муддатлари белгиланмаган. Шу сабабли давлат сирларидан фойдаланиш ва муомала қилишнинг ҳуқуқий асослари турлича талқин қилинади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг махфий қарорлари асосида давлат сирлари билан ишлаш ва уларни муҳофаза қилиш, махфийликни таъминлаш ва махфий режимда ишлашни тартибга солиш тартиби тасдиқланди.