Ўзбекистонда бюджетдан энг кўп иш ҳақи ажратилган соҳалар маълум қилинди

Ўзбекистонда 2020 йил декабрь ойи иккинчи ярми учун энг кўп иш ҳақи тўловлари халқ таълими тизими ходимларига 869,1 миллиард сўм ва соғлиқни сақлаш тизимида ишловчи ходимларга 668,1 миллиард сўм тўланган. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, кейинги ўринларда мактабгача таълим (166,7 миллиард) ва маданият вазирлиги (53,5 миллиард сўм) тизими ходимлари учун иш ҳақи ажратилган.

Нисбатан кам иш ҳақи Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасига 21,5 миллион сўм, Гидрометеорология марказига 33,7 миллион сўм, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ходимларига 121,3 миллион сўм иш ҳақи тўланган.

Мудофаа ва ички ишлар вазирликлари, давлат божхона қўмитаси, давлат хавфсизлик хизмати, суд тизими ва прокуратура ходимларига тўланадиган маблағлар ҳақида маълумот берилмаган.  Нисбатан кам ҳақ тўланадиган ва кам штат бирлигига эга ташкилотлар ходимларига 226,4 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Хабарда иш ҳақларини ўтказиш молия вазирлиги билан буджет ташкилотлари ўртасида «онлайн» равишда маълумотлар алмашинуви натижасида амалга оширилгани маълум қилинган.

Маълумот ўрнида, давлат бюджетидан 2020 йил декабрь ойи иккинчи ярми учун жами 2 триллион 256,7 миллиард сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар тўлаб берилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда энг кўп маош тўланган мутахассисликлар ва Ўзбекистонда академик лицей ходимларининг иш ҳақи кўтарилиши маълум қилинган эди. Шунингдек, «Ўзгидромет» раҳбари мақоми ва маоши бўйича вазирга тенглаштирилши ҳамда Ўзбекистонда мансабдорларнинг қанча ойлик олиши маълум қилинган.

Янгиликлар