Ўзбекистонда академик лицей ходимларининг иш ҳақи кўтарилади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан академик лицей педагог ва ўқув-ёрдамчи ходимларига янги тартибда иш ҳақи ҳисобланади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, бу Президентнинг «Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига киритилган. Президент қарорига мувофиқ, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2021 йил 1 январдан бошлаб академик лицей педагоглари ва ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида:

  • академик лицей педагог ва ўқув-ёрдамчи ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашда Халқ таълими вазирлиги тизимидаги айрим фанларга ихтисослаштирилган мактабларнинг тегишли ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилади;
  • академик лицей директорининг ўқув-тарбия жараёни билан бевосита боғлиқ бўлган ўринбосарларининг базавий лавозим маошларига 20 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар тўланади;
  • бўйсунуви бўйича тегишли олий таълим муассасасининг молиявий имкониятидан келиб чиқиб, бюджетдан ташқари, жумладан, тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан академик лицейларда ўрнак кўрсатган педагог ва ходимларга лавозим маошларининг 100 фоизигача миқдорида ҳар ойлик устамалар тўланади;
  • академик лицейларнинг фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD), шунингдек, фан доктори ёхуд фан доктори (DSc) илмий даражаларига, профессор ёки доцент илмий унвонларига эга бўлган педагог ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра олий таълим муассасаси катта ўқитувчисига тенглаштирилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим муассасаси раҳбарининг базавий лавозим маошига нисбатан бош ҳисобчининг базавий лавозим маоши 80 фоиз миқдорида, ҳисобчининг базавий лавозим маоши 60 фоиз миқдорида белгиланади.

Аввалроқ Андижонда 51 нафар ўқитувчи «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирлангани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Тойлоқда 3 нафар ўқитувчи «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирлангани маълум қилинди.

Янгиликлар