Ургутда бир гектар ер ажратиб бериш эвазига 30 минг доллар сўраган ҳокимлик вакили ушланди
Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги эркин иқтисодий зона ҳудудидан 1 гектар ер ажратиб бериш эвазига 30 минг доллар талаб қилган туман ҳокимлиги ходими қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.
Қайд этилишича, фуқаро И.С. ДХХ вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, Ургут туман ҳокимлиги ходими Н.Ш. ва унинг шериги Н.И.лар эркин иқтисодий зона ҳудудидаги мавжуд захира ер майдонидан 1 гектар ер майдони ажратиб бериши эвазига 30 минг доллар талаб қилаётганини билдирган.
Самарқанд вилоят прокуратураси, ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида 2021 йилнинг 20 январь куни ўтказилган тезкор тадбирда Н.Ш. ҳокимлик биноси ёнида ўзига тегишли Lacetti’да шериги Н.И. билан I.С.дан олдиндан келишилган 30 минг долларнинг 15 минг долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида автомашина «бардачоги»дан яна 10 минг доллар, Н.И.нинг чўнтагидан эса 5 минг доллар ҳам топилиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан фуқаро Н.Ш. ва Н.И.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир: Бош прокуратура пора билан қўлга олинган «Хоразм ҲЭТ» раҳбари иши бўйича маълумот берди
Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда амалдорларнинг давлатга етгазган зарар миқдори очиқланганди.