Бош прокуратура пора билан қўлга олинган «Хоразм ҲЭТ» раҳбари иши бўйича маълумот берди
«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раҳбари Муродбой Базаримбетов 2021 йил 8 январь куни пора олганликда гумонланиб, ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан ушлани ҳақида хабар берилганди. Ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га қўшимча маълумотлар берди.
Маълум бўлишича, 2020 йил 24 декабрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси томонидан Хоразм вилоят «Худудий электр тармоқлари» АЖ бош директори Муратбай Алламбергенович Базаримбетов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур жиноят ишини қўзғатилишига «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бош директори Муратбай Базаримбетов Тупроққалъа тумани ҳудудида янгидан ташкил қилинаётган «Best Azia Metan» МЧЖга ўрнатиладиган 630 киловаттлик трансформатор пунктини 6-10 киловаттлик электр линиясига яқин таянчдан 6500 киловаттга улаб беришда амалий ёрдам бериши эвазига 15 000 АҚШ долларини ўз хизмат хонасида таъмагирлик йўли билан пора тариқасида олгани асос бўлган.
Ҳозирда ушбу жиноят ишининг дастлабки тергов ҳаракатлари Хоразм вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан олиб борилмоқда. Жиноят иши бўйича, Муратбай Базаримбетовга нисбатан 2020 йил 25 декабрда Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан айблов эълон қилинган.
Шунингдек, Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг 2020 йил 25 декабрдаги ажримига асосан Муратбай Базаримбетовга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Шу сабабли у ҳозирда Хоразм вилоят ИИБ 11-сонли тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берганлар 6 млн сўмгача пул билан рағбатлантирилиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинган.