Самарқандда 30 яқин зийратгоҳ ва 150 та меҳмонхона қайта иш бошлади

Самарқанд вилоятида 30 яқин зийратгоҳ, тарихий обида, музей ва 150 та меҳмонхона қайта иш бошлади. Бу ҳақда «Zarnews» хабар берди.

Маълум қилинишича, махсус йўриқномага асосан биноларнинг кириш қисмида ташриф буюрувчиларнинг тана ҳароратини доимий ўлчаш ва дезинфекциялашнинг йўлга қўйилиши қайд этилган. Меҳмонхонанинг бандлик даражаси 50 фоиздан ошган тақдирда тиббиёт ходимининг доимий фаолиятини таъминлаш, меҳмонларни хоналарга жойлаштиришда оилавий меҳмонлар сони уч нафардан, бошқа меҳмонлар сони икки нафардан ошмаслиги белгиланган.

Шунингдек, умумий фаолият кўрсатувчи объектлар ҳар куни икки маротаба дезинфекцияланиши керак.

Меҳмонхоналарда барча турдаги оммавий тадбирлар ўтказилиш, умумий овқатланиш нуқталари (ресторан, бар, кафе) ва SPA хизматлари (бассейн, машғулот зали, массаж) кўрсатилиши тақиқланади.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда 12 августдан бошлаб карантин чекловлари юмшатилиши ва меҳмонхоналар фаолиятига рухсат берилиши ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Ўзбекистонда туристик йиғимни ҳисоблаш ва тўлаш 2021 йилгача тўхтатилгани маълум қилинди.

Янгиликлар