Тўрткўлда машинасида 746 дона «Трамадол» дорисини олиб кетаётган шахс қўлга олинди
Қўрақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида машинасида 746 дона «Трамадол» дорисини олиб кетаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда Тўрткўл туманида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказган.
Ўтказилган тадбир давомида «Тошкент—Нукус» йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро A.A. бошқарувидаги «ISUZU» русумли юк автотранспорт воситаси кабинасида 2 дона яхна чой идишларида таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжуд бўлган 746 дона «Трамадол» дори воситалари борлиги аниқланган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилаётгани маълум қилинди.
Aввалроқ Наманганда қарийб 500 грамм гашишни ЙПХ масканидан олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушлангани ҳақида хабар берилди. Кейинчалик Aсакада уйида 570 граммдан ортиқ марихуана сақлаган шахс қўлга олинганди.
Шунингдек, Пастдарғомда уйида 8 туп каннабис ўсимлигини етиштираётган аёл қўлга олингани маълум қилинди.