Фоторепортаж: Чустда Москва ва Рига шаҳарларига экспорт қилинадиган пичоқлар тайёрланади
Наманган вилоятида 2020 йилнинг 17—19 сентябрь кунлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан вилоятнинг янги объект ва лойиҳалари бўйлаб оммавий ахброт воситалари вакиллари ва блогерлар учун инфо-тур ташкил этилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.
Икки кунлик инфо-тур давомида журналист ва блогерлар Чуст, Чортоқ, Янгиқўрғон туманлари ва Наманган шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, тарихий зиёратгоҳларига сайёҳат қилди. Дастлаб улар Чуст туманидаги дўппидўзлик ва пичоқчилик фаолияти билан узоқ йиллардан буён шуғулланиб келаётган оилалар билан танишган.
Хусусан, пичоқлар анчадан буён Чуст шаҳрининг бренди ҳисобланиб келинади. Мазкур қадимий устачилик бу ерда авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Муҳаммаджон Абдураҳимов шундай авлодлардан бирининг давомчиси бўлиб, бир неча авлод томонидан яратиб келинаётган пичоқларни яратиш ишлари билан шуғулланади.
«Бу пичоқчилик санъатида биз еттинчи авлод вакилларимиз. Ота-боболаримиз ҳунарларини давом эттириб келяпмиз, биздан кейин ҳам ўғилларимиз давом эттиради. Битта пичоқни тайёрлаш учун 1 кун ҳам, 1 ҳафта ҳам вақт кетиши мумкин. Унинг учун табиий маҳсулотлардан фойдаланамиз. Масалан, қўйнинг илиги, буғу шохи ва бошқалар», — дейди «Боғи эрам» маҳалласида яшовчи уста Муҳаммаджон Абдураҳимов.
Устанинг айтишича, бир пичоқ нархи 70 минг сўмдан 200 минг сўмгача сотилади. Шу пайтга қадар пичоқлар Рига ва Москва шаҳарларига экспорт қилиниб келинади.
«Ҳозир уста-шогирд мактабимиз бор. 30 нафар шогирд устозларидан пичоқчилик санъати сирларини ўрганиб келади. Уларни 7 йил олдин, коллежни тамомлашлари билан шогирдликка олганман, мана ҳозир туппа-тузук уста бўлишган, керак бўлса, уларнинг ҳам шогирдлари бор.
Ҳозир кўриб турган пичоқларингиз орасида ота-боболаримиз томонидан ясалган пичоқлар ҳам бор. Уларнинг орасида ҳатто қадимийлиги 200 йил олдинги даврга бориб тақаладиганлари турибди. Биз, асосан, маҳсулотларни Россия шаҳарларига экспорт қиламиз. Экспортга чиқадиган пичоқларимизнинг нархи 10 доллардан бошланиб, 100 долларгача кўтарилиши мумкин», — дейди чустлик пичоқчи усталардан бири.
Шунингдек, журналист ва блогерлар Чуст шаҳрида дўппидўзлик билан шуғулланувчи ва шу орқали даромад кўрувчи хонадонларнинг бирида бўлган.
«Бу кашталарнинг 20 хилдан ортиқ тури бор. ‘Зира’, ‘нозик’,‘Андижон нусха’, ‘Наманган нусха’, ‘Қўқон нусха’ ва бошқа кўплаб турлари бор. Қизларимиз, қўшни қизлар уйда қўшимча даромад топиш учун дўппи тикишади. Бу дўппиларнинг тайёр ҳолатга келиши 5—6 та жараённи ўз ичига олади. Бу жараёнлар ҳам анчагина меҳнат талаб қилади, шунинг учун ҳам бир кишининг қўлидан келмайди. Бир киши тикса, иккинчи одам бунинг қолипини тайёрлайди, ичига астарлик қилишади ва ҳоказолар», — дейди шу оилада яшовчи аёллардан бири Наргиза Раупова.
Таъкидланишича, биргина дўппининг нархи 30—35 минг сўмдан бошланиб, 700—800 минг сўмгача кўтарилиши мумкин. Бундай нархлар унинг нусхаси ва тайёрланиш жараёнининг қай даражада бўлганлигига қараб баҳоланади.
Аввалроқ Чуст дўпписи ва Чуст пичоғи халқаро музейлари қаторида Чуст ош маркази ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.