Гулистондаги портлашда 3 киши ҳалок бўлди, яна оғир ҳолатдаги беморлар бор — Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Гулистон шаҳрида содир бўлган портлаш оқибатида 3 киши вафот этганини тасдиқлаб, бошқа беморлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Эслатиб ўтамиз, ёнғин, 2-декабрь куни соат 10:49 да Гулистон шаҳар «Тараққиёт» МФЙ ҳудудида жойлашган овқатланиш шохобчасининг ошхонасида содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари олган. Шундан 26 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган, 3 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани боис амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.

Ўта оғир қабул қилинган беморлардан 3 нафари вафот этган. Ҳозирги пайтда шифохонага ётқизилган 1 нафар беморнинг аҳволи ўта оғир бўлиб, у сунъий нафас олиш аппаратида. Реанимациядаги мавжуд беморларнинг 5 нафари стабил оғир, нафаси мустақил, ҳушида, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, айни пайтда қабул қилинган беморлардан икки нафари ҳомиладорлиги сабабли Республика ихтисослаштирилган она ва бола илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиалига кўчирилган. Уларнинг аҳволи қониқарли. Қолган 15 нафар беморнинг ҳам аҳволи қониқарли бўлиб, улар тегишли бўлимларда муолажа олмоқда.

 

Ўзбекистон