Ўзбекистонда инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун 20 трлн сўм ажратилади
Ўзбекистонда инфратузилма муаммоларини ҳал қилиш учун 20 триллион сўм ажратилади, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида 2025-йилда энергетика, йўллар ва сув инфратузилмаси бўйича 109 мингдан ортиқ мурожаат тушганини таъкидлади.
Қайд этилишича, Асака, Шаҳрихон, Избоскан, Пастдарғом, Шўрчи, Денов, Ғузор, Қамаши, Деҳқонобод, Шароф Рашидов туманлари, Самарқанд, Наманган, Термиз, Қарши ва Андижон шаҳарларида инфратузилма бўйича мурожаатлар кўпайган.
Жорий йил ушбу масалаларни ҳал қилиш бўйича 20 триллион сўм берилган. Ҳокимлар мазкур маблағларни, биринчи навбатда, энг кўп шикоят тушаётган маҳаллаларга йўналтирса, одамлар ҳам рози бўлиб, мурожаатлар ҳам қисқаради, — дейилади хабарда.
Шунингдек, маҳалла аҳолисининг оғирини енгил қилишда «Ташаббусли бюджет» дастури катта самара бераётгани таъкидланди. Лекин инфратузилма масаласида 25 мингта ариза келиб тушган 2 мингта маҳалла бирор марта «Ташаббусли бюджет»да лойиҳа жойлаштирмагани билдирилди.
Мутасаддиларга Халқ қабулхонасига келган мурожаатларни таҳлил қилиб, мазкур маҳаллаларга лойиҳа қилишга кўмаклашганида эди, бу орқали кўплаб масалалар жойида ҳал қилиш мумкин бўлгани кўрсатиб ўтилди.





