Эксперт: Ўзбек тили тезроқ лотин алифбосига ўтиши лозим. У кирилл алифбосидан устун

21 октябрь фақат байрам эмас. Айнан шу санага яқин паллада ўзбек тилининг муаммолари эсга олиниб, муҳокама қилина бошлайди. Таассуфки, кўп ҳолларда иш муҳокамадан нарига ўтмайди. Аммо биз муҳокамалар бир кун натижа беришини, муаммолар амалий ҳал қилинишига етиб келишимизга ишонамиз. Шу боис Давлат тили куни муносабати билан мутахассисларга минбар беришга қарор қилдик.

Ўзбек тилининг энг долзарб муаммоларидан бири алифбодир. Лотин алифбосига ўтиш чўзилиб кетиши зиёлиларни ташвишга қўймоқда. Гап нимада? Кирилл ёзуви шунчалар қулайми? Ёки гап бошқа ёқдами?

Бу саволларга Ўзбекистон давлат хореография академияси «Ўзбек тили ва адабиёти» кафедраси профессори, филология фанлари номзоди Равшан Жомонов жавоб беради.

1993 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. 1995 йилда мазкур қонунга тузатишлар киритилиб, 26 ҳарф ва учта ҳарфлар бирикмасидан иборат лотинча алифбо жорий қилинди. Мана шу алифбо асосида бир неча авлод вояга етди: уларда лотинча имлодаги кўз кўникмаси шаклланди, минглаб номдаги дарслик, ўқув қўлланмалар, бадиий адабиётлар чоп этилди. Буларнинг ҳаммаси қувонарли, албатта. Лекин…

Лотинча алифбо ёзув амалиётига тўлиқ жорий қилинмади, ҳали-ҳануз икки хил алифбодан фойдаланиш ҳукм сурмоқда. Хўш, халқимиз учун қайси бир алифбо афзал: кирилми, лотин?

Бизнингча, бу саволга жавоб берувчилар икки тоифага бўлинади: кирилл ёзувида савод чиқариб, бир умр ундан фойдаланиб келаётган ёши катталар кирилчани ёқлайди, ёшлар учун эса, табиийки, лотинча имло маъқул. Оқибатда ҳозирги ёзув амалиётида бу икки ёзув тенгма-тенг қўлланмоқда. Болалар ва ўсмирлар учун нашр этиладиган газета-журналлар, «Маърифат» газетаси тўлиқ лотинча ёзувда маълумот берса, қолганлари, асосан, кирилча ёзувда чоп этилади.

Шахсан ўзим ҳам ёшликдан кирилча ёзувда савод чиқарганим сабабли ҳозир ҳам имкони бўлса, кирилчадан фойдаланаман. Бироқ ҳуқуқий-демократик давлат фуқароси сифатида ҳар қандай соҳада ҳам қонун устуворлигини таъминлаш зарур, деб ҳисоблайман. Чунки «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунни тўлиқ жорий этиш муддати аллақачон ўтиб кетди. Лекин нимагадир қонунлар ижроси устидан назорат қилувчи орган — Бош прокуратура бу масалада жим турибди.

Хўш, нима сабабдан лотин ёзуви тўлиқ жорий этилиши лозим? Аввало, бу ҳолат қонун билан мустаҳкамланган, уни фақат ижро этиш лозим. Иккинчидан, лотин ёзуви бизга мутлақо бегона ёзув эмас – халқимиз 1929—1940 йилларда лотин ёзувидан фойдаланган. Учинчидан, лотин ёзуви қўлланиш доираси жиҳатидан ер юзидаги энг кўп тарқалган ёзув ҳисобланади. Тўртинчидан, дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида лотин ёзуви амал қилади. Бешинчидан, жаҳон тиллари сирасига кирувчи инглиз, француз, испан тилларидаги ёзишмалар лотинча алифбода юритилади.

Бу саноқни узоқ давом эттириш мумкин. Лекин асосий гап бунда эмас. Агар биз дунё ҳамжамиятида муносиб ўринни эгаллашга ҳаракат қилсак, илм-фанни ривожлантириш йўлини тутмоқчи бўлсак, албатта, лотинча имлодан фойдаланишимиз зарур. Негаки ўзбек лотин алифбосида савод чиқарганлар учун хорижий тилларни, хусусан, инглиз тилини ўрганиш анча осон кечмоқда. Масалан, биз 5-синфга бориб, чет тилларни ўрганишга киришганимизда 4—5 ой вақтимиз француз тили алифбоси, яъни лотинча имлони ўрганишга сарфланган. Ҳозир эса фарзандларимиз боғчадан бошлаб лотинчада савод чиқаргани боис хорижий тилларни ўрганишда беҳуда вақт сарфламайди.

Биз совет даврида яшаганимизда «СССР – умумий уйимиз» шиори остида ҳаракат қилганмиз: рус тилини ўрганиш мажбурий саналиб, уни билганлар ҳар томонлама рағбатлантирилган эди. Айни пайтда хорижий тилларни ўрганишга у қадар эътибор берилмасди. Бугун эса замон бутунлай ўзгарди: биз учун дунё эшиклари очиқ, эркин иқтисодиётга кенг йўл берилган. Замонавий тадбиркорларимиз учун дунёнинг исталган ҳудуди бир қадам бўлиб қолди. Айни пайтда, юқорида таъкидланганидек, ривожланган мамлакатларда амал қиладиган ёзувлар ҳам лотин ёзувига асосланган: маҳсулот номи, ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотлар, ҳамкорларнинг манзиллари — барчаси хорижий тилларда бўлса-да, лотинча имлода битилган. Бу эса тадбиркорларимиз учун жуда катта имконият саналади.

Таассуфки, мамлакатимизда 1995 йилдан бери қўлланиб келинаётган лотинча алифбони ислоҳ қилиш, яъни айрим ҳарфларни ўзгартиришга ҳаракатлар бўлмоқда. Назаримда, ҳозир амалда бўлган алифбо — 26 ҳарф ва учта ҳарф бирикмасидан ташкил топган алифбо ўзбек адабий тилидаги товушларни нисбатан тўлиқ акс эттиради. Биз ёзувни ислоҳ қилиш, қўшимчалар киритиш йўлидан эмас, балки мавжуд алифбо имкониятларидан келиб чиққан ҳолда имло қоидаларини такомиллаштириш йўлидан боришимиз зарур. Айниқса, Европа тилларидан ўзлаштирилган сўзларни тўғри акс эттириш бўйича илмий-назарий тадқиқотларни кучайтириш, биринчи навбатда, «Ўзлаштирилган сўзлар имло луғати»ни тайёрлаб, нашр эттиришимиз лозим.

Лекин мазкур ишларга масъул бўлган идоралар: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти илмий ходимлари бу борада бирор-бир жиддий ишни амалга оширганлари йўқ.

Миллий ёзув – алифбо халқ мулки, маънавий мерос, маданий қадрият сифатида ҳар доим қадрланиши керак. Биз ўз алифбомизга – миллий ёзувимизга умуммиллий манфаат юзасидан қарамоғимиз, халқнинг хоҳиш-иродасига қулоқ тутишимиз шарт. Акс ҳолда, келажак авлод олдида айбдор бўлиб қолишимиз мумкин.

Янгиликлар