Ўзбекистонда порнографик маҳсулотларни тарқатганлик учун жарима оширилади
Ўзбекистонда порнографик маҳсулотларни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш учун жарима оширилади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.
Қайд этилишича, Олий Мажлис Сенати томонидан 18 декабрь куни маъқулланган қонунга кўра, порнографик маҳсулотларни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш воситалари мусодара қилинади.
Ушбу фаолиятлар билан шуғулланган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 400 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 450 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Маълумотга кўра, 2020 йилнинг ўтган даврида порнографик маҳсулотларни тайёрлаганлиги ва тарқатганлиги сабабли 182 киши маъмурий жавобгарликка тортилган.
Ўзгаришлар Президент томонидан қонун имзолангандан кейин кучга киради.
Аввалроқ Шаҳрисабзда онлайн дарслар учун очилган Телеграм гуруҳга порно видео ташлаган ўқувчилар жазолангани ҳақида хабар берилганди. Андижонда 65 ёшли эркак қўшнисининг ногирон қизини мунтазам зўрлаб келгани аниқлангани хабар қилинган.