Ўзбекистонда ноқулай об-ҳаво туфайли ярим миллиондан ортиқ аҳоли электрсиз қолди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 22 январь куни «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов иштирокида брифинг ўтказилди. Унда электр энергиясидаги узилишлар билан боғлиқ ҳолатга изоҳ берилди.

Фото: «Tez News»

Жаҳонгир Обиджоновнинг айтишича, кеча бошланган ва айни пайтда давом этиши кузатилаётган кучли шамол, қор бўрони оқибатида ҳаво электр тармоқлари ҳамда трасформатор пунктларига етказилган шикаст натижасида, республика бўйича, 110 киловатт кучланишли 7 дона ҳаво линияларида ва 6-10 киловатт кучланишли 476 дона ҳаво линияларида узилишлар вужудга келган. Тезкор маълумотларга кўра, электр энергиясидаги узилишлар натижасида 550 100 истеъмолчилар электр энергиясисиз қолган.

Қайд этилишича, тармоқларда содир бўладиган авариявий ўчишларни тезкор бартараф этиш мақсадида аввалдан ҳудудларда жами 481 та тезкор авариявий чиқиш бригадалари, уларга 378 та махсус авариявий чиқиш машиналари, махсус техникалар ҳамда раҳбар ҳодимлардан иборат навбатчилик ташкил этилган.  Содир бўлган авариявий ҳолатлар ташкил этилган навбатчи бригадалар томонидан техника хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиб, барча авариявий ўчган 110-35 киловатт кучланишли тармоқлар ҳамда 247 дона 6-10 киловатт кучланишли линиялар тармоққа қайта уланган.

Айни вақтда истеъмолчиларни босқичма-босқич тармоққа қайта улаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, электр энергиясиз қолган 350 200 дан ортиқ ёки деярли 60 фоизи қайта тармоққа уланиши таъминланган

Маълумотларга кзра, ҳозирда республика бўйича 6-10 киловатт кучланишли 229 дона ҳаво линияларда узилишлар мавжуд бўлиб, ушбу вужудга келган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича «Ҳудудий электр тармоқлари»нинг тизим корхоналари ходимлари томонидан туну кун таъмирлаш-тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.

«Авариявий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ҳудудий корхоналарда 395 дона тармоқ трансформаторлар, 191,8 тонна трансформатор мойи, 947 дона таянчлар, 53,9 тонна турли ўлчамдаги сим, 41,5 километр кабель маҳсулотлари ҳамда 638 дона кабель муфталаридан иборат захира яратилди. Мазкур тезкор бригадалар алоқа воситилари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган», дейилади хабарда.

Сноптикларнинг маълум қилишича, ноқулай об-ҳаво шароити айрим ҳудудларда бугун ҳам давом этиши мумкин. Шуни ҳисобга олган ҳолда, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ аҳолини электр энергиясида вужудга келиши мумкин бўлган узилишлардан огоҳлантирган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда аҳолига қанча электр энергияси етказиб берилгани очиқланганди.

Янгиликлар