«Ностандарт мосламалар ишлатилганда жуда кўп энергия кўчани иситишга кетяпти». Алишер Султонов электр етказиб беришдаги муаммолар ҳақида гапирди
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 19 январь куни ўтказилган брифингда Энергетика вазири Алишер Султонов ҳаво ҳарорати пасайганда энергия ва газ таъминотида узилишлар бўлишига изоҳ берди.
Вазирнинг таъкидлашича, газ босимининг пасайиб кетишига, шунингдек, электр энергияси таъминотида узилишларга одамларнинг ҳаво ҳарорати совиганда қўшимча электр мосламаларини ҳамда газ плиталарини узоқ вақт ёқиб қўйиши сабаб бўлади.
«Бугунги кунда турли ностандарт мосламалар ишлатилганда, жуда кўп энергия кўчани иситишга кетяпти. Бунақа ҳолатда биз газни ҳам, электрни ҳам етказиб беролмаймиз. Ишлаб чиқаришни қанча кўпайтирсак ҳам. Истеъмолчилардан биргаликда ишлашни илтимос қилардим. Кутилаётган 7–10 кунлик совуқни яхши ўтказиб олишга бизда ҳамма имкониятларимиз мавжуд.
Тўғри, соҳада камчиликлар кўп ва тизимли: ҳам таъминотчи, ҳам истеъмолчи томонидан муаммолар кўп. Уларни биргаликда бартараф этамиз, деган умиддаман», — дейди вазир.
Шунингдек, брифингда республика аҳолисига 10 кун ичида 2 миллиард 319 миллион киловатт/соат энергия етқазиб бериш режалаштирилгани маълум қилинди. Ҳозирги кунда вилоятларнинг кўмир омборларида 156,5 минг тонна кўмир захиралари мавжудлиги ва аҳолига кунлик кўмир еткизиб бериш ҳажми 4 минг тоннани ташкил этади.
Бундан ташқари, вазир истеъмолчиларга 20 январдан 1 февралга қадар 3 миллион метр/куб табиий газ етказиб берилади. Шу билан бирга республика бўйлаб 10 кун ичида 10 тонна суюлтирилган газ етказиб берилишини таъкидланган.
Мавзуга доир:
- Видео: «Столба йиқилса, токсиз ўтиринг». Сирдарёда «электросет» раҳбари симёғочни янгилаб беришни сўраган аҳолига жавоб берди
- «Совуқ қиш, катта оила, на газ, на электр бор». Депутат Дониёр Ғаниев энергетика вазири истеъфосини талаб қилди
- Ўзбекистонда 2020 йилда аҳолига қанча электр энергияси етказиб берилгани очиқланди
Аввалроқ Жиззахда аҳолиси газ йўқлиги сабаб машиналар йўлини тўсиб қўйган туманга қачон газ етказилиши ва Афғонистон Ўзбекистондан электр энергияси импортини яна оширгани хабар қилинган эди.