Афғонистон Ўзбекистондан электр энергияси импортини яна оширди

Афғонистоннинг «DABS» компанияси Ўзбекистондан электр энергияси импорти ҳажми яна 300 мегаватга чиққанини маълум қилди. Айни пайтда ушбу ҳажмни 450 мегаватгача ошириш чоралари кўрилмоқда.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, олдин мамлакатнинг импорт ҳажми 300 мегаватдан 150 мегаватга камайганди. Мамлакат Ўзбекистонга электр энергияси учун йилига 100 миллион АҚШ доллари тўлайди.

Компания, шунингдек, мамлакатда электр энергиясини тақсимлашни нормаллаштириш учун импорт қилинадиган электр энергиясини 450 мегаваттга етказиш бўйича ишлар олиб борилаётганлигини билдирган.

Танқидчиларнинг таъкидлашича, Aфғонистоннинг асосий энергия таъминоти билан шуғулланувчи «DABS» компанияси ҳар йили Ўзбекистонга 100 миллион доллар тўлайди, аммо электр энергияси танқислиги муаммоси қачон тугашини айта олмайди.

Маълумотларга кўра, сўнгги 18 йил ичида халқаро ҳамжамият Aфғонистоннинг электр инфратузилмасига тахминан 4 миллиард доллар сарфлаган.

Аввалроқ Қозоғистон ва Қирғизистондаги электр узилишларига Ўзбекистон энергетика тизими муаммолари сабаб бўлгани айтилганди.