Жиззахда аҳолиси газ йўқлиги сабаб машиналар йўлини тўсиб қўйган туманга қачон газ етказилиши маълум қилинди

Жиззах вилояти Пахтакор туманида газ ва электр энергия йўқлигидан норози бўлган аҳоли автомобиль йўлини тўсиб қўйгани ҳақида хабар берилганди. Вилоят мутасаддилари ушбу вазиятни ўрганиб, туман аҳолиси учун қачон газ этказилишини маълум қилди.

Кадр: Telegram

Қайд этилишича, Пахтакор тумани аслида газ етиб келиш қийин бўлган ҳудудлардан бири эканлиги сабаб, аввал Шароф Рашидов маҳалласи газ қувурига уланган. Лекин Р.Рашидов маҳалласига газ етиб келмагани учун ҳокимнинг қарори билан беш йил олдин газ қувури кесиб ташланган. Шу кунга қадар улар суюқ газ ва кўмир билан доимий таъминланиши бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Лекин аҳолининг айтишича, бу газ фақат овқат тайёрлашгагина етган.

Воқеадан сўнг Жиззах вилоят ҳокимлигининг биринчи ўринбосари ва мутасадди раҳбарлар воқеа жойига чиқиб, аҳолини тинчлантириш мақсадида тушунтириш ишлари олиб борган. Шунингдек, улар бир ҳафта муддатда аҳолига табиий газ етказиб бериш ваъдасини берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро туманида газ муаммоси сабаб аҳоли норозилик намойиши уюштиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қоракўл тумани аҳолиси ҳам газ сабаб йўлни тўсиб қўйгани хабар қилинган.

Кейинчалик Нукусда иш ҳақини ололмаган аёллар автомобиль йўлини тўсиб чиққани маълум бўлган.