«Билдирсой—Чимён—Нанай» халқаро курорти қурилишига Франциядан салкам 48 миллион евро қарз олинади

«Билдирсой—Чимён—Нанай» халқаро курорти қурилишига Франциядан 47,9 миллион евро қарз олинади. Бу ҳақда Тelegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» каналида маълум қилинди.

Қайд этилишича, «Тоғли ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ҳукумат қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Бўстонлиқ туманида «Билдирсой—Чимён—Нанай» ДУК халқаро умуммавсумий курортини (ХУК) қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади.

ХУКни қуриш ва қурилиш ишлари билан боғлиқ хизматлар учун ускуналар сотиб олиш бўйича Франция Ғазначилигининг қарзлари, имтиёзли кредитлари ва хорижий тижорат банкларининг қарзлари жалб қилинади. Қурилиш лойиҳасини амалга ошириш учун 47,9 миллион евро миқдорида қарз жалб қилиниши белгиланган.

Шунингдек, ХУКни қуриш ва фойдаланишга топшириш лойиҳасини жадал амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси ҳамда бу бўйича Бошқарув кенгаши таркиби тасдиқланди. ХУК ҳудудида жойлашган ер участкаларига бўлган ҳуқуқ Бошқарув кенгашининг қарори билан «E-ijro-auksion» электрон савдо майдончаси орқали босқичма-босқич сотилади. Ер участкаларини сотишдан тушган маблағларнинг 90 фоизи лойиҳа офиси ҳисобига, 10 фоизи тоғли ва олис ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

Аввалроқ Наманганда 123 миллион долларлик лойиҳа асосидаги тематик парк фаолияти йўлга қўйилгани ва Ўзбекистондаги илк глобал экотуристик лойиҳа — «Чодак-Эко ҳудуди» тақдимоти ўтказилгани ҳамда Самарқанд туманида қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ янги сайёҳлик объекти очилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар