Ўзбекистонда ахборот технологияларини ўқитишга ихтисослаштирилган 205 та мактаб ташкил этилади

Шавкат Мирзиёев раислигида 22 сентябрь, сешанба куни тармоқ ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳамда электрон ҳукуматни жорий қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, йиғилишда Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 2020 йилда 14 та, келгуси йилда 82 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш вазифаси қўйилди.

«Рақамли иқтисодиётни жорий этиш ва унумли ишлатиш, албатта, мутахассисларга боғлиқ. Шу боис кадрлар тайёрлашга ҳар томонлама аҳамият берилмоқда. Ўтган йили Тошкент шаҳрида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парки бунёд этилган эди. Андижон ва Марғилон шаҳарларида унинг филиаллари очилди. Пойтахтимизда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактаби ҳудудида яна бир филиал биноси қурилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ахборот технологияларини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган 205 та мактаб ташкил этилиши режалаштирилган», дейилади хабарда.

Шунингдек, Тошкент ахборот технологиялари университети ва IT-паркларда ахборот технологиялари ўқитувчиларини тайёрлаш ҳамда уларни сертификатлашнинг миллий тизимини жорий қилиш муҳимлиги қайд этилди. Малака сертификати олган ўқитувчиларга ҳар ойда қўшимча 50 фоиз устама тўланади. «Бир миллион дастурчи» курсини муваффақиятли якунлаган мактаб ўқитувчиларини мукофотлаш йўлга қўйилади.

«Бугун кўриб чиқилаётган масала ривожланиш ва халқимиз ҳаётини яхшилаш борасидаги ишларимизнинг энг катта замини», — деди Президент.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев рақамли иқтисодиётсиз мамлакат иқтисодиётининг келажаги йўқлигини таъкидлаганди.

Шунингдек, Ўзбекистонда туман ва шаҳар ҳокимлари бир ойда 2—3 кун фақат рақамлаштириш билан шуғулланиши маълум қилинди.

Янгиликлар