Шавкат Мирзиёев: «Рақамли иқтисодиётсиз мамлакат иқтисодиётининг келажаги йўқ»
Шавкат Мирзиёев раислигида 22 сентябрь, сешанба куни тармоқ ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳамда электрон ҳукуматни жорий қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, видеоселектор йиғилишида «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор юзасидан амалга оширилаётган ишлар, йил якуни ва 2021 йил биринчи чорагига мўлжалланган лойиҳалар муҳокама этилди.
«Рақамли иқтисодиётсиз мамлакат иқтисодиётининг келажаги йўқ», — деди Президент.
Шунингдек, йиғилишда саноат тармоқларида амалга ошириладиган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Келгуси уч йилда нефть, газ ва энергетика соҳасида 18 та, металлургия бўйича 12 та, автосаноат тизимида 9 та, кимё саноатида 8 та, тоғ-кон геология тармоғида 4 та рақамлаштириш лойиҳаси режалаштирилгани маълум қилинди.
«Тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари рақамлаштиришсиз натижа, ривожланиш бўлмаслигини тушуниб етиши шарт. Барча даражадаги раҳбарлар буни ўзига кундалик вазифа сифатида белгилаб, рақамлаштириш соҳасини алифбосидан бошлаб чуқур ўрганиши керак», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, Муборак ва Шўртан нефть-газ корхоналарида автоматлашган диспетчерлик хизмати жорий этилгани туфайли йилига 50 миллион куб метр газ ва 650 минг киловатт-соат электр энергиясини иқтисод қилишга замин яратилди. Асакадаги автомобиль заводида логистика, харидлар, хом ашё ва бутловчи қисмлар ҳаракатини рақамлаштириш орқали 41 миллион доллар тежаш мумкинлиги маълум қилинди. Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатидаги «Ёшлик-1» ва «Қолмоққир» конларида транспорт комплекси автоматлашган бошқарув тизимини жорий қилиш орқали йилига 28 миллиард сўмлик маблағ тежалиши қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев раислигидаги 21 сентябрь куни ўтказилган ўсимликлар карантини соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилишда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мўлжаллангани айтилганди.