Ўзбекистонда туман ва шаҳар ҳокимлари бир ойда 2—3 кун фақат рақамлаштириш билан шуғулланади
Шавкат Мирзиёев раислигида 22 сентябрь, сешанба куни тармоқ ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳамда электрон ҳукуматни жорий қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда туман ва шаҳар ҳокимлари бир ойда 2—3 кун фақат рақамлаштириш билан шахсан шуғулланиши белгиланди. Уларнинг фаолиятига ҳудудда рақамлаштириш қай даражада йўлга қўйилганига қараб баҳо берилади. Бу соҳада яхши натижа кўрсатган раҳбарларга 30 фоизгача устама жорий қилинади.
Шунингдек, 2020 йил якунигача 14 ва келгуси йил биринчи чорагида яна 14 туманда одамлар энг кўп мурожаат қиладиган соғлиқни сақлаш, кадастр, ижтимоий ҳимоя, қишлоқ хўжалиги, таълим йўналишларини рақамлаштириш бўйича 239 та лойиҳа амалга оширилади.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 14 туманда ижтимоий муассасаларни тўлиқ рақамлаштириб, қолган ҳудудлар учун намуна қилиш бўйича кўрсатма берилди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев рақамли иқтисодиётсиз мамлакат иқтисодиётининг келажаги йўқлигини таъкидлаганди.