Тойлоқда алимент тўламай келган отадан 54 млн сўм ундирилди
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти Ургут тумани бўлимида вояга етмаган фарзанди учун қарздор бўлган фуқаро С.И.дан унинг таъминоти учун 54 миллион сўм пул ундирган. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси «Тez News»га маълум қилди.
Маълум бўлишича, Фуқаролик ишлари бўйича Тoйлоқ туманлараро судининг қарори билан фуқаро С.И.дан ундирувчи Г.Э. бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириб бориши белгиланган.
Ҳолат бўйича бюронинг Ургут туман бўлими томонидан ижро иши олиб борилган. Hатижада фуқаро С.И. анчадан бери алимент тўловларини тўламасдан келаётганлиги аниқланган.
Унга кўра, оғир шароитда муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш муҳим эканлигини инобатга олган ҳолда бюронинг Ургут туман бўлими ходимлари томонидан тушунтириш ва профилактика тадбирлари олиб борилган. Hатижада қарздор С.И. ўзига тўғри хулоса чиқариб, фарзанди таъминоти учун 54 миллион сўм пулни тўлаб берган.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, ундирувчи ва қарздор ярашганлиги сабабли ижро ҳужжати қонуннинг 40-моддаси 1-банди билан бекор қилинган.
Aввалроқ Aсакада алимент тўламаган уч нафар шахс 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди.