Ургутда ажрашган оиланинг ота тарбиясидаги икки нафар фарзанди онага олиб берилди
Мажбурий ижро бюроси Ургут туман бўлими ходимлари томонидан 2020 йилнинг 14 сентябрь куни икки нафар вояга етмаган фарзанд она тарбиясига олиб берилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.
Маълум қилинишича, Ургут туманида яшовчи фуқаро Гулзода Эргашева оилавий келишмовчилик сабабли турмуш ўртоғи Ҳусниддин Исломовнинг уйидан кетишга мажбур бўлган. Бироқ вояга етмаган икки нафар фарзандларини олиб кетолмагач, фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига мурожаат қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг ажримига кўра, Гулзода Эргашеванинг вояга етмаган 2014 йилда туғилган фарзанди А.Ш. ҳамда 2015 йилда туғилган фарзандини Н.Ш. онаси тарбиясига олиб бериш белгиланган. Мазкур иш бўйича ижро ҳужжати 2020 йилнинг 3 август куни Мажбурий ижро бюроси Ургут туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Таъкидланишича, МИБ Ургут туман бўлими ходимлари томонидан Ҳусниддин Исломовга вояга етмаган болаларни онасига ихтиёрий равишда топшириш тўғрисида огоҳлантириш хати юборилган. Бироқ ота фарзандларини онасига беришдан бош тортган. Шунга кўра, 2020 йилнинг 14 сентябрь куни давлат ижрочилари тегишли органлар ва холислар иштирокида карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда икки нафар вояга етмаган фарзандлар онаси Гулзода Эргашева тарбиясига олиб берилган.
Аввалроқ Самарқандда алимент тўламай келган эркакдан 45 миллион сўмдан ортиқ пул ундирилгани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Хўжаободда 4 ёшли қизининг ўлимига сабабчи бўлган она 4 йилга қамалгани маълум қилинганди.