Тошкент вилоятидаги 6 та шаҳарда электропоезд қатнови йўлга қўйилади

Тошкент вилоятидаги Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл ва Оҳангарон шаҳарларида замонавий электропоезд қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 22 сентябрь куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши сессиясида айтиб ўтди.

Йиғилишда давлат раҳбари 840 та маҳаллада ички йўллар, 579 тасида ичимлик ва оқова сув, 589 тасида электр ва газ таъминоти, 396 тасида мактаб, боғча ва поликлиника таъмирлаш бўйича икки ҳафтада дастур қабул қилиб, бу борадаги ишларни жадал бошлаш вазифасини қўйди. Жумладан:

  • Ташаббусли бюджет доирасида энг кўп овоз олган лойиҳалар учун 150 миллиард сўм ажратиш;
  • Осиё тараққиёт банкининг Тошкент вилоятида ичимлик ва оқова сув лойиҳасининг 185 миллион долларлик 3-босқичини бошлаш;
  • ички йўлларни таъмирлашга давлат бюджетидан 155 миллиард сўм, қўшимча маҳаллий бюджетдан 70 миллиард сўм ажратиш топширилди.

Президент Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл ва Оҳангарон шаҳарларига замонавий электропоезд қатновини йўлга қўйиш вақти келганини таъкидлаб, транспорт вазирига тегишли қарор лойиҳасини киритишга кўрсатма берди.