Хонобод шаҳрига янги ҳоким тайинланди
Aндижон вилояти Хонобод шаҳрида 22 октябрь куни ўтказилган Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Машъал Тожибоев шаҳар ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Машъал Тожибоев 1984 йилда Aндижон шаҳрида туғилган, 2007 йилда Тошкент архитектура қурилиш институтини тамомлаган. У 2003—2004 йилларда Aндижон пудрат савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш Aндижон вилоят бошқармаси мутахассиси, 2004—2010 йилларда Қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш ҳудудий консалтинг маркази етакчи мутахассиси, бўлими бошлиғи, бош мутахассиси, танлов савдоларини ташкил этиш бўлими бошлиғи, маркази етакчи мутахассиси, 2010 йилда «Қишлоқ қурилиш инвест» ихтисослаштирилган шўба инжиниринг компанияси Aндижон филиали уй-жой маркетинг шўъбаси бош мутахассиси бўлган.
2010 йилда Aндижон вилояти ҳокимлигида иш бошлаган ва 2016 йилга қадар вилоят ҳокимлиги капитал қурилиш, коммуникасиялар ва ободонлаштириш масалалари бўйича котибияти етакчи мутахассиси, котибият мудири вазифасини вақтинча бажарувчи, мудир, 2016 йилда ҳокимликда саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникасиялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича котибият мудири бўлган. 2016—2017 йилларда Aндижон шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникасиялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари (2016 йил 8 майдан 2016 йил 17 декабргача Aндижон шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчиси) сифатида ишлаган.
Машъал Тожибоев 2017 йилдан ҳозирга қадар Aндижон вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келаётганди.
Эслатиб ўтамиз, Хонобод шаҳри ҳокими Мусажон Мамадалиев 29 cентябрь куни пневмониядан вафот этган. Aввалроқ Иқбол Матрўзиев Олтинкўл туманига ҳоким этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.