Избосканда танишини пичоқлаган 18 ёшли йигит қамоққа олинди

Андижон вилояти Избоскан тумани Пойтуғ шаҳрида 14 октябрь куни тонгда танишини пичоқлаган 18 ёшли йигит қамоққа олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 14 октябрь кунига ўтар кечаси соат 02:00 да Андижон вилояти Избоскан тумани Пойтуғ шаҳрида жойлашган туман педагогика касб-ҳунар коллежи ёнида 18 ёшли А.Б. таниши 18 ёшли Х.Х. билан ўзаро жанжаллашган. Жанжал вақтида А.Б. қўлидаги хўжалик пичоғи билан Х.Х. ни қорин қисми ҳамда ўнг сонига бир маротабадан урган.

Судга оид тиббий экспертизасининг хулосасида, фуқаро Х.Х. ҳаёт учун хавфли бўлган «оғир» даражадаги тан жароҳати олганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Избоскан тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан А.Б. га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «б» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Жиноят иши бўйича А.Б. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этаётгани маълум қилинди.

Аввалроқ Тўрақўрғонда тўйда жанжаллашиб, қўшнисини пичоқлаган эркакка жиноят иши қўзғатилганди. Шунингдек, Самарқандда ухлаб ётган акасини ўлдириб, жасадни бўлакларга бўлган ҳолда каналга оқизиб юборган ука қўлга олинганди.

Янгиликлар