Самарқандда эркак хотини ва унинг жазманини пичоқлаб ўлдиргани акс этган видео эълон қилинди

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 20 ноябрь куни хотинининг бегона эркак билан ишқий муносабатда бўлганини кўрган эр уларни пичоқлаб ўлдиргани хабар қилинганди.

Кадр: Telegram

22 ноябрь, якшанба куни тунда ушбу ҳолат акс этган видео эълон қилинди. Видеотасвирга кўра, эркак шаҳардаги савдо мажмуаси эшиги олдида тўпланиб турган одамлар орасидан ўтиб, ичкарига кирган. Шундан сўнг мажмуада хотини ва унинг жазманини тутиб олиб, бўйин ва танасининг бошқа қисмларига пичоқ уриб ўлдирган.

«Tez News»га Бош прокуратурадаги манбаларининг маълум қилишича, 20 ноябрь куни соат 17:30 да Пастдарғом тумани Aрабхона маҳалласида яшовчи 1978 йилда туғилган тадбиркор A.М. турмуш ўртоғи — 1989 йилда туғилган Ш.A. ни йўл четида Р.Э.нинг бошқарувидаги «Nexia-3» автомашинасига чиқаётганини кўриб қолган. Уларнинг ишқий муносабатини аввалдан сезиб юрганлиги боис яшаш уйидан ошхона пичоғини олиб, йўловчи автомашинада уларнинг ортидан Самарқанд шаҳри Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган савдо дўконига қадар кузатиб борган.

Шундан сўнг уларнинг орқасидан дўконга кириб, у ерда ўзаро жанжаллашиб, қўлидаги пичоқ билан дастлаб Р.Э.нинг бўйин ва танасининг бошқа соҳаларига, сўнгра турмуш ўртоғи Ш.A.нинг ҳам бўйин ва танасининг бошқа соҳаларига бир неча мартадан уриб, уларни қасддан ўлдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан 20 ноябрь куни Самарқанд шаҳар прокуратураси A.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «а», «ж» бандлари билан жиноят иши қўзғатиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн беш йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.

Aввалроқ Учқўрғонда бошқасига унаштирилган собиқ севгилисини 5 марта пичоқ санчиб ўлдирган йигит ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Норинда фуқаро жияни билан ишқий муносабатда бўлган йигитни бир мушт билан ўлдиргани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар