Ўзбекистон номзоди Бутунжаҳон туризм ташкилоти Ижроия кенгашига аъзоликка қўйилди

Ўзбекистон номзоди 2021/2023 йиллар давомида Бутунжаҳон туризм ташкилоти Ижроия кенгашига аъзоликка қўйилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдухакимов БМТнинг БТТ Ижроия кенгаши 113-сессиясида маълум қилди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Хабарга кўра, Ўзбекистон делегацияси БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (БТТ) Ижроия кенгашининг 113-сессиясида иштирок этган. Ўзбекистон томон илгари сурилаётган номзодларни тарғиб қилишга доир тақдимот ўтказилган. Тарбирнинг кириш қисми тугаллангач, сўз навбати биринчи бўлиб Ўзбекистон делегацияси раҳбари Азиз Абдухакимовга берилган.

У ўз нутқида икки масалани илгари сурди. Биринчиси 2021/2023 йиллар давомида Ўзбекистон номзодининг БТТ Ижроия кенгашига аъзоликка қўйилгани, шунингдек яқин келажакдаги режалар.  Таъкидланишича, ташкилот Ижроия кенгашига аъзо бўлиш Ўзбекистоннинг глобал миқёсда туризм соҳасида олиб борилаётган сиёсатда бевосита иштирок этиши ҳамда унда мамлакат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида хизмат қилади. Иккинчиси 2023 йилда БТТ Бош Ассамблеяси 25-сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш масаласи.

Бунинг учун Самарқанд шаҳрида мавжуд ва келаси 3 йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди. Қайд этилишича, ушбу таклиф қабул қилинган тақдирда, Ўзбекистон биринчи маротаба БМТ таркибидаги ташкилотларнинг илк Бош ассамблеясига мезбонлик қилади. «Бош Ассамблеяга мезбонлик қилиш жаҳон туризм индустриясининг етакчи вакиллари, ишбилармонлар ва инвесторларни Ўзбекистонга жалб қилиш, 158 та аъзо давлатнинг 2 мингдан ортиқ делегация вакиллари ташрифини ташкил этиш орқали туризм соҳасидан тушадиган даромадни ошириш имконини беради», — дея изоҳ берди Азиз Абдуҳакимов.

Аввалроқ Тошкентда 2021 йилда туризм соҳасида қанча инвестиция ажратилиши маълум бўлганди.

Янгиликлар