Тошкентда 2021 йилда туризм соҳасида қанча инвестиция ажратилиши маълум бўлди

Тошкент шаҳрида 2021–2023 йилларда маҳаллий ва хорижий ташаббускорлар томонидан жами қиймати 9,442 триллион сўм миқдоридаги лойиҳалар амалга оширилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, 2021–2023 йилларда 90 та лойиҳа, жумладан, меҳмонхона, савдо, кўнгилочар ва ҳунармандчилик марказлари, истироҳат боғлари қурилиши режалаштирилган.

Мазкур лойиҳаларда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция миқдори 739,5 миллион долларни ташкил этади. Шундан 3596 та хона ва 7050 та ўринга мўлжалланган 66 та меҳмонхона, 12 та савдо, кўнгилочар бизнес маркази, 9 та маданият ва истироҳат боғи ва 3 та ҳунармандчилик марказлари барпо этилиши назарда тутилган.

Шунингдек, ҳозирда лойиҳалар бўйича манзилли рўйхат шакллантирилиб, мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Туризм соҳасига доир инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш доирасида 2021 йилда 6102 та янги иш ўрни яратилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда туризм инфратузилмаси объектларида намозхона ва таҳоратхоналарни қуриш мажбурий бўлиши ва Ўзбекистонга 2020 йилда қанча турист келгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда Зиёрат туризми маркази очишни таклиф қилгани хабар қилинган.

Янгиликлар