Ўзбекистонга 2020 йилда қанча турист келгани маълум бўлди

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 9 январь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда 2020 йилда Ўзбекистонга қанча турист келганини маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонга 1 миллион 504 минг турист келган, уларга 261 миллион долларлик хизмат кўрсатилган. Унинг таъкидлашича, коронавирус пандемияси туфайли юз берган глобал инқироз натижасида мамлакат туризми энг жиддий зарар кўрган соҳалардан бири бўлди.

«2021 йилда барча ишларни умумий рақамлар орқали эмас, аниқ режалар ва рейсма-рейс йўналиш бўйича батафсил ҳисоб-китоб асосида амалга оширмоқчимиз, зиёрат туризмига кўпроқ эътибор қаратмоқчимиз. 2021 йилда Ўзбекистонга 1 млн 700 минг нафар хорижий сайёҳ ташрифини таъминлаш бўйича режа қилинган», дейди Азиз Абдуҳакимов.

Аввалроқ Навоийда ички туризмни ривожлантиришга йўналтирилган меморандумлар имзолангани ҳақида хабар берилганди. Меморандумга кўра, ҳужжат имзоланган вилоятлар ўртасида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури доирасида ўзаро саёҳатлар ташкил қилиш шунингдек, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш кўзда тутилган.