Ўзбекистонда туризм инфратузилмаси объектларида намозхона ва таҳоратхоналарни қуриш мажбурий бўлади

«Ўзбекистон туризм магистрали» туризм транспорт коридори бўйлаб жойлашган туризм инфратузилмаси объектларида диний амалларни бажариш (намозхона ва таҳоратхоналар) учун шарт-шароитлар яратиш мажбурий бўлади.

Фото: «Tez News»

Бу Шавкат Мирзиёевнинг 28 декабрь куни эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасида зиёрат туризмини янада ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони лойиҳасига киритилган.

Лойиҳага мувофиқ:

  • «Ўзбекистон туризм магистрали» туризм транспорт коридори бўйлаб жойлашган туризм инфратузилмаси объектларида диний амалларни бажариш (намозхона ва таҳоратхоналар) учун шарт-шароитлар яратиш мажбурий белгиланади;
  • «Умра+Ўзбекистон» зиёрат туризми дастури доирасида саёҳатни амалга оширувчи йўловчилар учун Ўзбекистондан учиб кетишда пул тўланмасдан олиб чиқишга рухсат этилган юк оғирлиги қўшимча 10 килограммга оширилади.
  • Туризм қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқулланиши мумкин:
  • 2020/2021 ўқув йилининг иккинчи ярим йиллиги (баҳорги семестр)дан бошлаб «Ипак йўли» туризм халқаро университетида, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Бухоро ва Термиз давлат университетларида «зиёрат туризм», «транспорт логистикаси» ва «креатив саноат» (cреативе индустрй) магистратура таълим йўналишларида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;
  • 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб хорижий тиллар бўйича мутахассис етиштирувчи олий таълим муассасаларининг 3-4 курс талабалари учун зиёрат туризм фани бўйича ўқув дастурини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • зиёрат туризми учун истиқболли мамлакатлар тилини ўрганиш филологияси йўналиши битирувчилари учун олий таълим муассасалари қошида зиёрат туризми мавзусида қайта тайёрлаш курсларини ташкил қилиш.

Лойиҳага биноан ҳар йили 1 декабрга қадар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда келгуси йил учун байрам ва қўшимча ишланмайдиган кунлар тақвими эълон қилиб борилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ички туризм оқимидан тушадиган даромадни соҳани ривожлантиришга йўналтириш таклиф қилингани ва Навоий вилояти туризм соҳаси Туркия давлати билан хамкорликда ривожлантирилиши хабар қилинганди.

Янгиликлар