Олимлар дунёда янги эпидемия бошланганидан огоҳлантирди

Британиянинг Лондон университет коллежи мутахассислари дунёда миопия (кўриш қобилиятининг ёмонлашуви, узоқни кўра олмаслик) эпидемияси бошланганидан огоҳлантирди.

Маълум қилинишича, Буюк Британияда мазкур хасталикка чалинаётганлар сони ортиб бормоқда. Олимлар вақт ўтиши билан катта ёшдаги одамлар бу хасталик юзасидан кўпроқ мурожаат қилишини айтган. Улар бу маълумотни Британиядаги энг йирик биобанк маълумотларини таҳлил қилиш орқали хулоса қилган.

Таъкидланишича, тадқиқотчилар Буюк Британиядаги юз мингдан ортиқ турли ёшдаги одамларнинг офтальмологик маълумотларини таҳлил қилган. Кейинчалик ушбу маълумотлар қайта ишланиб, улар жинси, этник келиб чиқиши, шунингдек, таълимга қараб гуруҳларга ажратиган.

Натижаларга кўра, 60-йилларнинг охирида туғилган одамларда миопия кўпроқ экани аниқлаган. Мутахассислар буни болалик давридаги овқатланиш рациони, турмуш тарзининг ўзгариши, билим даражасининг юқорилиги ва гаджетлардан тез-тез фойдаланиш билан боғламоқда.

Тадқиқотчилар, шунингдек, кўриш қобилиятининг ёмонлашувига атроф-муҳит ва иқлим шароитининг таъсири бўлиши мумкинлигини айтган. Генетик омилларнинг таъсирини истисно қилиб бўлмайди. Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, оғир шаклдаги миопия тез суръатлар билан ривожланади.