Aфғонистондаги терактда жароҳат олган ўзбекистонлик фуқаро Термизда даволанаётгани маълум бўлди
Афғонистоннинг Балх провинцияси Хайратон шаҳарчасида 20 август куни содир бўлган қуролли ҳужумда ўзбекистонлик фуқаро жароҳатланган эди. Ҳозирда ушбу фуқаро Термизда даволанаётгани маълум бўлди.
Номаълум шахслар томонидан 20 август куни тонгда транспортга бўлган ҳужум оқибатида Афғонистон қўриқлаш кучларининг бир нафар зобити ҳалок бўлган, бир нафар ўзбекистонлик яраланган.
Ҳужум оқибатида жароҳатланган ўзбекистонлик — «Сўғдиёна транс» корхонасининг координация бўлими бошлиғи ўринбосари Термиз шаҳридаги касалхонага етказилган.
Маълум бўлишича, «Сўғдиёна транс» корхонаси ишчи-ходимларини иш жойига олиб кетиш учун келган масъуллар Ҳайратон ишчилар яшаш базасидан чиқишганда ҳужумга учраган.
Аввалроқ Ўзбекистон Афғонистоннинг 400 толиб-маҳбусни озод қилиш тўғрисидаги қарорини олқишлагани хабар қилинган эди.