Фарғона прокуратурасида фуқаронинг устидан масхаралаб телефонда тасвирга олингани ҳақидаги хабар рад этилди

Фарғона туман прокуратурасида фуқаронинг устидан масхаралаб телефонда тасвирга олингани ҳақидаги хабар вилоят прокуратураси томонидан рад этилди.

Таъкидланишича, 9 сентябрь куни давлат унитар корхонаси раҳбари лавозимида ишловчи Л.К. Фарғона туман прокуратураси биносига келиб, ўтказилаётган текшириш бўйича изоҳ беришини маълум қилган.

Мутахассислар иштирокида туман прокуратураси биносида ўтказилган суҳбат жараёнида фуқаро Л.К. уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими вакили Г.К. билан жанжаллашиб, уни кўпчилик олдида ҳақорат қилиб, бинодан чиқиб кетган. Ўрганиш давомида фуқаро Л.К.нинг шаъни ва қадр-қиммати камситилганлиги, унга таҳдид қилинганлиги ҳақидаги важлари ўз тасдиғини топмаган.

Маъмурий ишлар бўйича Фарғона туман судининг 23 сентябрьдаги қарорига кўра, Л.К. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахс деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Аввалроқ Фарғона ИИБ ходимининг муомаласи танқидга олингани, прокуратура Андижонда шифокорни калтаклаган ИИБ ходими ишини ўрганишни бошлагани, «ГАИ» ходими ҳайдовчининг соқол ўстирганига эътирози акс этган видео юзасидан муносабат билдирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар