«Карантин муносабати билан қийин аҳволдаги аёлларга уй-жойлар берилиши тўхтатилгани ҳақидаги фикрлар нотўғри» — Саодат Боймирзаева

АОКАда 23 сентябрь, чоршанба куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева иштирокида брифинг ўтказилди.

Кадр: YouTube

Брифингда муҳим саволлар юзасидан жавоб қайтарилган. Хусусан, 2020 йил карантин сабабли қийин аҳволдаги аёлларга бериладиган уй-жойлар ажратилишининг тўхтатилиши борасидаги маълумотларга Саодат Боймирзаева ойдинлик киритган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котибининг сўзларига кўра, Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида амалга оширишга оид давлат дастурининг 168-бандига асосан ҳар йили 1576 та арзон уй-жой берилиши режалаштирилган. Карантин муносабати билан бу уй-жойлар берилиши тўхтатилгани ҳақидаги фикрлар нотўғри.

Давлат дастурининг 204-бандига мувофиқ, бугунги кунга қадар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган ва кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож, оналарни уй-жой билан таъминлаш учун Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан 852  нафар хотин-қизга 10 фоиз бошланғич бадал — 4 миллиард 563 миллион 113 минг сўм тўлаб берилган.

Аввалроқ Бухоро шаҳрида 70 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга бепул ўқитилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қоракўлда 56 нафар хотин-қиз иш билан таъминлангани маълум қилинган.