Қоракўлда 56 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди (фото)
Бухоро вилояти Қоракўл туманида 56 нафар аёл иш билан таъминланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 17 сентябрь куни Қоракўл туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида тумандаги банд бўлмаган аёлларни иш билан таъминлаш бўйича «Меҳнат ярмаркаси» ташкил этилган.
Қоракўл туман Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими ва «Муҳаммадали текстил» тикув цехи мутасаддилари иштирокида ташкил этилган тадбирда Қоракўл тумани ҳокими, 1 сектор раҳбари Шерали Саломов ва мазкур тикув цехининг туркиялик ҳамкори инвестор Фатих Пўчан иштирок этган.
Таъкидланишича, ҳозирга қадар 70 нафар аёл ишлаган корхонада янги қувватлар ташкил қилинган. 17 сентябрдан бошлаб мазкур корхонада 56 нафар шу пайтгача банд бўлмаган чевар қиз иш билан таъминланган.
Маълумот учун, Наманганда «Меҳнат ярмаркаси»да 180 дан ортиқ ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижондаги «Меҳнат ярмаркаси»да 64 нафар фуқаро доимий иш жойига эга бўлгани, Когонда 50 дан ортиқ ёшлар ва хотин-қизнинг бандлиги таъминлангани ҳамда Пахтаободда Андижон вилояти прокурори томонидан 14 нафар битирувчига тикув машинаси берилгани ҳақида хабар қилинганди.
Бундан ташқари, Чортоқда ўтказилган «Меҳнат ярмаркаси»да 100 дан ортиқ ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилган.