Мажбурий ижро бюроси собиқ ходимларига мажбурий тилхат ёздирганини рад этди

Мажбурий ижро бюроси собиқ ходимларига мажбурий тилхат ёздирганини рад этди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Хабарга кўра, Мажбурий ижро буюроси зиммасида бўлган коммунал йўналишдаги вазифалари бошқа муассасаларга ўтказилгани сабабли бюро органларидаги соҳага масъул 7 мингдан ортиқ ходимнинг штат бирликлари сони қисқартирилган.

Шундан келиб чиқиб, ижтимоий тармоқлар орқали «Ишдан бўшаган ходимлар 100 фоиз иш билан таъминланади дейилган эди» деган мазмунда хабар ёйилган ва бюро директори томонидан селекторда ишдан бўшаган ходимларнинг барчаси иш билан таъминланиши ҳақида айтганини, бироқ ҳудудий бошқармаларда кадрлар бўлими ходимлардан «ишга киришга бош тортди» деган мазмунда тилхат олинаётганлиги баён этилган.

Мажбурий бюронинг хабар қилишича, ҳудудий бошқармалар томонидан қисқартирилган ходимлар рўйхати шакллантирилиб, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ҳамда «Қашқадарё Ҳудудгаз» масъулияти чекланган жамиятларига тақдим қилинган, ҳозирда ходимларни таъминотчи корхоналар билан ҳамкорликда иш жойлари билан таъминлаш чоралари кўриляпти.

Шунингдек, собиқ ходимларнинг барчасига компенсация пуллари тўлаб берилган, қолган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган кафолатли тўловлари тўлаб берилиши таъминланади.

Бундан ташқари, собиқ ходимларнинг иш ўринларига жойлаштирилиши, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган маблағлар ҳақида тушунтириш бериш ҳамда мулоқот олиб бориш юзасидан ҳудудий бошқармаларда масъул ходимлардан иборат таркибда ишчи гуруҳлар ташкил этилган.

«Хабарда келтириб ўтилган ‘ишга киришдан бош тортди’ деган мазмунда тилхатлар олинаётгани ҳақидаги важлар мутлақо ёлғон ҳисобланади.

Бунга бир неча сабабларимиз бор, аввало, бюронинг марказий маҳкамасида собиқ ходимларнинг мурожаатларини қабул қилиш, меҳнат қонунчилигига амал қилиниши, иш ҳақи ва бошқа тўловларнинг тўланиши масалалари бўйича ишчи гуруҳимиз билан боғланиш учун телефон рақамларини маълум қилдик . Ҳақиқатдан ҳам, кун давомида кўплаб келиб тушаётган мурожаатларга зудлик билан жавоб қайтариш ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Бироқ ходимлардан мажбурий тарзда тилхат олингани ҳақида ҳанузгача мурожаат ёки шикоятлар келиб тушмади.

Агар бу тарзда мурожаат келганида, албатта, хизмат текшируви орқали масъул ходимларга қатъий чора кўрган бўлардик», — дейди мажбурий ижро бюросининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатов.

Аввалроқ Маданият вазирлиги Самарқанддаги тарихий бинонинг бузилиши юзасидан, Фарғона ички ишлар бошқармаси ходимининг муомаласи танқидга олинган видео юзасидан муносабат билдиргани хабар қилинганди.