Самарқанд шаҳридаги иккита кўчага Ўктам Барноев ва Aъзамхон Баҳромов номи берилади

Самарқанд шаҳридаги иккита кўчага бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, марҳум Ўктам Барноев ва Каттақўрғон туманининг собиқ ҳокими, марҳум Aъзамхон Баҳромов номи берилиши таклиф қилинди. Бу ҳақда ЎзA хабар қилди.

Фото: ЎзA

Хабарга кўра, Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг 23 октябрь куни ўтказилган сессиясида депутатлар томонидан шундай таклиф билдирилган. Aъзамхон Баҳромов ва Ўктам Барноев турли йилларда Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилган.

Маълумот учун, Aъзамхон Усмонович Баҳромов 1960 йил 12 январь куни Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида туғилган. Тошкент халқ хўжалиги институтини тугатган. Иқтисод фанлари номзоди. «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари соҳиби. У 19 октябрь куни 60 ёшида вафот этган.

Ўктам Барноев 1964 йилда Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган. 2016 йилнинг декабрида Бухоро вилоятига ҳоким қилиб тайинланган. 27 февраль куни Қонунчилик палатаси депутатлари Ўктам Барноев номзодини бош вазир ўринбосари лавозимига тасдиқлаш масаласини кўриб чиққан. Вафот этгунга қадар Ўктам Барноев бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимда ишлаган. У 20 сентябрь куни оғир ҳасталикдан вафот этган.