Журналист Бобомурод Абдуллаевга хорижга чиқиш паспорти берилди

Журналист Бобомурод Абдуллаевга 23 октябрь, жума куни хорижга чиқиш паспорти берилди. Бу ҳақда «Kun.uz» нашри хабар берди.

Фото: «Kun.uz»

Хабарга кўра, Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси расмийлари томонидан журналист Бобомурод Абдуллаевга хорижга чиқиш паспорти топширилди. Маълум қилинишича, журналистга нисбатан тергов ва суриштирувлар ҳамда суд иши якунланган. Шунингдек, унга оид Ўзбекистон ичида ва хорижга чиқиш билан боғлиқ ҳар қандай чекловлар бекор қилинган.

Фото: «Kun.uz»

Маълумот учун, Бобомурод Абдуллаев 2018 йил марти ойида Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва амалдаги ҳукуматни ағдаришга уриниш каби жиноятларни содир этишда айбланган. Шундан сўнг 2018 йил 7 май куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган Бобомурод Абдуллаев озод этилган.

Кейинчалик журналист Ўзбекистон сўровига кўра 1993 йил 22 январдаги «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида»ги Минск конвенциясига мувофиқ Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган эди. Бишкекдаги Первомайский туман судининг 10 августдаги қарорига кўра, Абдуллаевга нисбатан 30 кун муддатга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиб, Қирғизистон миллий хавфсизлиги давлат қўмитасининг тергов изоляторида ушлаб турилган. Сўнг журналистнинг онаси Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилгани инобатга олиниб, 22 август куни Қирғизистон қонунчилиги ва хорижий давлат фуқароларини жиноий жавобгарликка тортиш учун топшириш бўйича хукуматлараро шартнома нормаларига амал қилган ҳолда Абдуллаев Ўзбекистонга топширилганди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев журналист Бобомурод Абдуллаевга 8 сентябрь куни Тошкент шаҳридан уч хонали уй совға қилгани маълум қилинганди. Журналистнинг таъкидлашича, хонадон барча мебеллар ҳамда маиший техника воситалари билан жиҳозланган. Бу уйга журналист оиласи билан 5 октябрь куни кўчиб ўтган. Бобомурод Абдуллаев совға учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирган.

Янгиликлар