Дунёда ҳозиргача COVID-19’га қарши курашга қанча маблағ сарфлангани айтилди

COVID-19 пандемиясига қарши кураш ва унга боғлиқ иқтисодий қийинчиликларни бартараф этиш учун дунёнинг барча мамлакатлари ҳозиргача 13 триллион доллардан кўпроқ маблағ сарфлади. Бу ҳақда 23 декабрь, чоршанба куни Япониянинг «Nikkei» бизнес газетаси ўз мутахассисларининг ҳисоб-китобларига асосланиб хабар берди.

Фото: «Pixabay»

Уларнинг сўзларига кўра, ушбу миқдор АҚШ Конгрессида иқтисодиётни пандемия шароитида қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 2,3 триллион долларни ҳам ўз ичига олади, аммо Дональд Трамп бу қарорни имзолашдан бош тортган.

Газетанинг таъкидлашича, рағбатлантирувчи дастурларнинг тобора кўпроқ қабул қилиниши дунёнинг етакчи мамлакатларида давлат қарзининг ўсишига олиб келади. 2021 йилда эса бу улардаги ялпи ички маҳсулотнинг 125 фоизига етади.

Дунё бўйлаб 23 декабрь Тошкент вақти билан соат 16:30 ҳолатига кўра, 78 475 133 киши коронавирусга чалинган. Тузалганлар 55 239 637 нафарни, вирусдан вафот этганлар эса 1 726 522 нафарни ташкил этмоқда.

Маълумот ўрнида, SARS-CoV-2 коронавируси 2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Хубэй провинциясидаги Ухан шаҳрида аниқланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишини пандемия деб эълон қилган.

Янгиликлар