Самарқанд ва Қорақалпоғистонда 2 киши совуқ уриши оқибатида вафот этди

Самарқанд вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида икки киши совуқ уриши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Постда» хабар берди.

Қайд этилишича, 6 декабрь куни бедарак йўқолгани учун қидирувга берилган Қорақалпоғистоннинг Хўжайли тумани Саришингул овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшаган, 1991 йилда туғилган Н.Р.нинг ташқи кўринишидан жароҳатсиз жасади Кулаб овул фуқаролар йиғини ҳудудидан топилган.

Ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, у тананинг умумий совқотишидан ҳалок бўлгани аниқланган.

Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида ҳам шундай ҳолат юз берган. 17 декабрь кунги маълумотга кўра, Фаровон Йўлдошобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Агросаноат» МЧЖга тегишли дала майдонидан 30–35 ёшлардаги номаълум эркак кишининг ташқи кўринишидан жароҳатсиз жасади топилган.

Ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, у тананинг умумий совқотишидан вафот этган. Кўрилган чоралар натижасида жасаднинг шахси аниқланган. У Нарпай туманида яшаган, 1990 йилда туғилган Н.В. эканлиги маълум бўлган.

Айни пайтда ҳар икки ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Янгийўлдаги хонадонда юз берган портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қибрайдаги хонадонларнинг бирида газ портлаши оқибатида ота-бола ҳалок бўлгани хабар қилинган.