Ўқитувчиларни Open budget учун овоз йиғишга мажбурлашга йўл қўйилмайди — мактаб таълими вазири

Ижтимоий тармоқда Сурхондарё вилояти Ангор туманида ўқитувчиларга «Ташаббусли бюджет» учун овоз йиғишга мажбурий топшириқ берилгани айтилган видео эълон қилинди. Мактабгача ва мактаб вазири Ҳилола Умарова бу бўйича ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилди.

Вазирнинг маълум қилишича, айни вақтда «Вазирга мурожаат» порталига ўқитувчилардан ушбу мазмундаги мурожаатлар келиб тушмаган.

«Агар сизнинг таълим масканингизда ўқитувчиларни ушбу лойиҳа доирасида мажбурий овоз йиғишга жалб этиш ҳолатлари кузатилса, вазирликнинг Ишонч телефони 71−202−09−09 га қўнғироқ қилишингизни сўраймиз. Сизнинг мурожаатингиз асосида ушбу йўналишда қонун бузилиш ҳолати аниқланса, тегишли масъул ходимларга зарур таъсир чоралари кўрилади. „Ташаббусли бюджет“ лойиҳаси фақат ташаббусга асосланади, бунда ҳеч кимни мажбурлашга йўл қўйилмайди!», — дея қайд этган вазир.

Шунингдек, Бош прокуратура матбуот хизматининг хабарига кўра, бу ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари бошланган.

Янгиликлар