Самарқанд шаҳар 1-сонли туғруқ мажмуаси бош врачи 56 ёшида вафот этди
Самарқанд шаҳар 1-сонли туғруқ мажмуаси бош врачи Гулнора Жўраева вафот этди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси «Tez News»га маълум қилди.
Бошқарма берган маълумотларга кўра, Гулнора Жўраева 1964 йилда Самарқандда туғилган. 1988 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтини битириб, меҳнат фаолиятини Сурхондарё вилоят Денов тумани марказий шифохонасида бошлаган. У Самарқанд вилояти Оқдарё тумани марказий шифохонасида акушер-гинеколог, Самарқанд шаҳар 4-сон туғруқхонаси 1-доялик бўлими мудираси, вилоят Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш маркази 1-доялик бўлими мудираси ва директор ўринбосари, шаҳар 2-сон туғруқхонаси бош врачи, вилоят перинатал маркази бўлим мудири лавозимларида фаолият юритган.
«Гулнора Жўраева 2017 йилдан ҳозирги вақтга қадар Самарқанд шаҳар 1-сон туғруқ мажмуаси бош врачи лавозимида меҳнат қилди. У қаерда, қайси лавозимда ишламасин, бор билим ва маҳоратини, куч ва ғайратини аямади. У ўзининг қисқа, лекин мазмунли умрини тиббиёт учун бағишлади. Энг муҳими, у мудом ҳамкасбларига ибрат эди. Малакали шифокор, ажойиб инсон, маҳоратли раҳбар Гулнора Жўраева ўзининг инсонпарварлиги, халқчиллиги туфайли жамоатчилик ўртасида катта ҳурмат эътиборга сазовор бўлди. Унинг ёрқин хотираси дўстлари ва жамоадошлари ёдидан асло ўчмайди», дейилади таъзияномада.
Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган.
Аввалроқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, истеъфодаги полковник Икромжон Бўронов 80 ёшида вафот этгани хабар берилган эди. Шунингдек, Президент академик Муҳаббат Абидова вафоти муносабати билан таъзия билдиргани маълум қилинган эди.