Самарқандда оилавий поликлиникалар 24 соатлик иш режимида ишлаётганлиги маълум қилинди
Самарқандда коронавирус инфекцияси билан оғриган бемор стационар ёки уй шароитида даволаниши учун тўғри тавсия берилишини йўлга қўйиш мақсадида жами 72 та мобил гуруҳ шакллантирилди ва тун-у кун фаолият олиб боришлари учун тез тиббий ёрдам машиналари бириктирилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда маълум қилинишича, тез тиббий ёрдамга бўлаётган қўнғироқлар сони ошиб кетганлиги сабабли телефон аппаратлари ва диспетчерлар сони 8 тадан 24 тага кўпайтирилган. Бундан ташқари, Самарқанд давлат тиббиёт институти қошида 1105 қисқа рақамли Сall-маркази ташкил қилиниб, аҳолига онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилган.
Бунга қўшимча, тез тиббий ёрдам хизматига аҳолидан тушаётган чақирувлар юкламаларини камайтириш мақсадида вилоятдаги мавжуд қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникаларига жами 875 та, шундан 75 та стационар ва 800 та мобил телефонлар олиб берилгани маълум қилинди.
Шунингдек, вилоятдаги барча оилавий поликлиника, қишлоқ врачлик пункти, қишлоқ оилавий поликлиникалари 24 соатлик иш режимига ўтказилган. Самарқанд шаҳрида иккита, 2 ва 4-оилавий поликлиникалар негизида, туманларда барча туман марказий поликлиникалари қошида COVID поликлиникалари ташкил қилинган.
Аввалроқ Самарқандда қайси поликлиникаларда рақамли рентген аппарати кечаю кундуз ишлаши маълум қилинган эди. Шунингдек, Самарқанд ҳокими аҳолининг тез ёрдамга мурожаатлари сезиларли даражада камайганини айтгани хабар қилинган эди.