Фарғона туман маъмурий судида сўнгги 9 ойда қанча иш кўрилгани маълум қилинди
Фарғона тумани маъмурий судида сўнгги 9 ойда шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш бўйича 435 нафар шахсга нисбатан 253 та иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Фарғона туман маъмурий суди томонидан моддалар кесимида олинганда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) билан кўрилган ишлар сони 2020 йил 9 ой давомида 435 нафар шахсга нисбатан 253 та иш, 2019 йил 9 ой давомида ушбу модда билан 221 нафар шахсга нисбатан 143 та иш кўрилган.
Шунингдек, МЖтКнинг 52-моддаси (Қасддан енгил тан жароҳати етказиш, бу ҳаракат соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятини унча кўп давом этмайдиган турғун тарзда йўқотишга олиб келмаган бўлса) билан 2020 йил 9 ой давомида 311 нафар шахсга нисбатан 217 та иш, 2019 йил 9 ой давомида ушбу модда билан 226 нафар шахсга нисбатан 177 та иш кўрилган, ушбу ҳуқуқбузарликларга оид ишлар эса ўтган йилгига нисбатан 150 тага кўпайган.
МЖтКнинг 183-моддаси (Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик) билан кўрилган ишлар сони 2020 йил 9 ой давомида 135 нафар шахсга нисбатан 110 та иш, 2019 йил 9 ой давомида ушбу модда билан 169 нафар шахсга нисбатан 134 та иш кўрилган.
Аввалроқ Фарғона туманида 6,5 миллион сўмлик техника воситаларини ўғирлаган эркак қўлга олинганди. Шунингдек, Учкўприкда фуқаронинг телефонини тортиб олган 4 нафар йигит қамоққа олингани хабар қилинганди.