Фарғона туманида 6,5 млн сўмлик техника воситаларини ўғирлаган эркак қўлга олинди

Фарғона вилояти Фарғона туманидаги компьютер устахонасидан жами 6,5 миллион сўмлик техника воситаларини ўғирлаган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона туманида 18 октябрдан 19 октябрь кунига ўтар кечаси фуқаро В.А. «Кончилар» маҳалласи марказида жойлашган А.В. га тегишли бўлган компьютер хизматлари устахонасига дераза орқали ғайриқонуний равишда кирган.

Хонада нархи 2 миллион сўмлик «Panasonik» телевизор, 2 миллион сўмлик икки дона «Sony» русумли «Play Station-3» компьютер ўйинлари тўпламини ўғирлаган. Шунингдек, 500 минг сўмлик компьютер жамланмасини ҳам ўғирлаб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Шофирконда устахонадан 5 миллион сўмлик «карчер» ўғирлаган йигит, Тўрақўрғонда эса эшик қулфини бузиб, тилла занжир ўғирлаган 2 киши қўлга олинганди. Шунингдек, Норинда хонадонга яширинча девордан ошиб ўтиб, 3 миллион сўм ўғирлаган қизга жиноят иши қўзғатилганди.

Янгиликлар