Ўзбекистонда 2020 йилда етиштирилган 1 тонна пахтанинг минимал нархи белгиланди

Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 6 мартдаги тегишли қарорига кўра, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда 2020 йилда етиштирилган 1 тонна пахтанинг минимал нархи белгиланди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, 23 октябрь ҳолатига Нью-Йорк товар биржаси январь—октябрь ойларида 1 тонна пахта толасининг (Strict Low Middling) ўртача фьючерс котировкалари АҚШнинг (Галвестон, Хьюстон, (Техас штати), Мемфис (Теннеси штати), Янги Орлеан (Луизиана штати)) портларига етказиб бериш шарти билан 1375,7 долларни ташкил этган.

Таъкидланишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда етиштирилган тўртинчи тип иккинчи нав биринчи синф 1 тонна пахта хом ашёсининг минимал нархи қўшилган қиймат солиғи билан бирга 4522,5 минг сўмни ташкил этганлигини эълон қилган.

Хабарга кўра, мазкур қарор жаҳон бозорида шаклланган нархлар, пахта-тўқимачилик кластерлари, кооперациялар ва фермер хўжаликларининг, юқорида қайд этилган қарорга мувофиқ масъул этиб белгиланган вазирлик ва идораларнинг таклифларини, шунингдек, пахта хом ашёсини қайта ишлаш, логистика ва бошқа тааллуқли харажатларни инобатга олган ҳолда қабул қилинган.

«Ушбу минимал нархдан келиб чиққан ҳолда пахта хом ашёсини етиштирувчи ва уни қабул қилувчи субъектлар шартномавий муносабатлар доирасида бошқа юқори ёки паст навли ва синфли пахта хом ашёсининг нархларини ўзаро манфаатли келишув асосида мустақил равишда белгилашади», дейилади хабарда.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 5 майдаги «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ маҳаллий ишлаб чиқарилган базавий сифатдаги пахта толасининг бошланғич нархи Нью-Йорк товар биржасининг энг яқин етказиб бериш ойи учун фьючерс котировкаси қийматидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши қайд этилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда пахта мавсумида терилган бир килограмм пахта учун биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда 1400 сўм ҳақ тўланиши маълум қилинганди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг айтишича, пахта мавсумида яхши терадиган теримчилар кунига 100—120 минг сўм атрофида даромад олишлари мумкин.

Янгиликлар