Ўзбекистонда нега олий таълим муассаларида анъанавий ўқишга қайтилаётгани маълум қилинди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 23 октябрь, жума куни Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева иштирокида брифинг ўтказилди. Унда аҳолининг коронавирус инфекцияси ҳақидаги саволларига жавоб қайтарилди.

Кадр: YouTube

Брифинг давомида Ўзбекистонда нега олий таълим муассаларида анъанавий ўқишга қайтилаётгани борасида савол берилган. Мазкур саволга Наргиза Нуруллаева қуйидагича жавоб берган:

«Ҳозирги кунда олий таълим муассасаларида ўқув дарсларини қайта тиклаш бўйича қарор қабул қилинган. Ҳар бир муассаса пандемия шароитида ўқув хоналарда ва ётоқхоналарда санитар — эпидемиологик ҳолатини ўрганиб, камчиликларни аниқлаб ва бартараф этилгандан сўнг дарсларга иштирок этиш рухсати берилади».

Шунингдек, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси барча ОТМларда чора-тадбирлар коронавирус тарқалишини олдини олишга қаратилгани таъкидлаган.

«Бу вазиятда институтлардаги профессор-ўқитувчилар ва талабаларга хам кўп нарса боғлиқ бўлади. Ўзида касалликнинг илк белгиларини сезган ҳолда ўз-ўзини яккалаш ва шифокорга мурожаат қилиши зарур. Жамоат транспортларида эса йўловчи ташишда кўрсатилган эпидемиологик қоидаларга амал қилиниши шарт ва тегишли назорат органлардан текшириб борилади»,—деди Наргиза Нуруллаева.

Аввалроқ Ўзбекистон ОТМларида биринчи курс талабалари учун ўқиш кредит-модул тизими асосида ташкил этилиши ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Ўзбекистонда тиббиёт ОТМларида анъанавий шаклда ўқиш бошлангани маълум қилинганди.